Хориждаги сайловчиларга
III боб. Хориждаги фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш
14.07.2021
275
Марказий сайлов комиссясининг 2019 йил 22 октябрдаги 966-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомидан кўчирма
  1. Хориждаги сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Шунингдек, хорижда вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар, уларнинг мурожаатларига асосан хориждаги сайлов участкаларидаги сайловчилар рўйхатига киритилади.

  1. Сайловчилар рўйхатига ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва яшаш жойи манзили (вақтинча ёки доимий яшаш манзили) киритилади.
  2. Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.
  3. Чет давлатларда турган фуқаролар ўзини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловга камида ўн беш кун қолгунига қадар хориждаги участка сайлов комиссияларига ёзма шаклда ёки ТИВнинг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.
  4. Сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатда фуқаро қўйидаги маълумотларни кўрсатиши лозим:

фамилия, исми, отасининг исми;

жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ паспорт рақамидан аниқлаштирилади);

туғилган санаси;

Ўзбекистон Республикасидаги охирги доимий яшаш манзили (агар мавжуд бўлса);

чет давлатдаги яшаш манзили;

боғланиш учун телефон рақамлари.

Мурожаатга Ўзбекистон Республикаси фуқароси паспортининг (нобиометрик, биометрик, хорижга чиқиш ва дипломатик), фотосурати бўлган ва манзили (агар мавжуд бўлса) кўрсатилган варақлари нусхаси илова қилинади.

Сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида ТИВнинг расмий веб-сайти орқали мурожаат қилинганда сайловчилар электрон шаклда кўрсатилган маълумотларни киритади.

  1. Хориждаги участка сайлов комиссия аъзоси фуқаронинг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқаронинг маълумотлари бўйича рўйхатга тегишли ўзгартиришларни киритади.

Фуқаро мазкур Низомнинг 15-бандида назарда тутилган маълумотларни тўлиқ тақдим этмаган тақдирда, хориждаги участка сайлов комиссияси фуқарога маълумотларни тўлдириш имконини беради. Агар фуқаро ушбу маълумотларни тўлиқ тақдим этмаса, хориждаги участка сайлов комиссияси фуқарони сайловчилар рўйхатига киритилмаганлиги ҳақида хабардор қилиш чораларини кўради.

  1. Хориждаги участка сайлов комиссиялари сайловчилар рўйхатига қўшимча киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни ТИВга тақдим этади.

ТИВ ўз навбатида сайловчилар рўйхатига қўшимча киритилган сайловчилар ҳақидаги маълумотларни умумлаштирилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим қилади.

  1. ТИВ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига хориждаги сайлов участкасининг сайловчилари рўйхатига қўшимча киритилган сайловчилар ҳақидаги маълумотларни, яъни электрон шаклда жисмоний шахснинг идентификация рақамини (у мавжуд бўлмаганда – фуқаро паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек сайловчининг туғилган санаси (йййй.оо.кк), жинси, миллати), фамилияси, исми ва отасининг исмини (давлат тилида, лотин ёзувида), фуқаронинг хориждаги яшаш манзили тўғрисидаги маълумотларни юборади.
  2. Хориждаги участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш усуллари, жойи ва вақти тўғрисида сайловчиларни хабардор этади.
  3. Ҳар бир фуқаро сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида хориждаги участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Хориждаги участка сайлов комиссияси 24 соат ичида мурожаатни текшириши, хато ва ноаниқликларни бартараф этиши ёки мурожаат қилувчига унинг мурожаати рад этилганлиги тўғрисида асосланган жавоб бериши шарт.
  4. Хориждаги участка сайлов комиссияси сайловдан ўн беш кун олдин ўз ҳудудидаги сайловчиларнинг рўйхатини чоп этади ва сайловчилар танишиб чиқиши учун тақдим этади.
  5. Фуқароларга ТИВ ва дипломатик ваколатхоналарнинг расмий веб-сайтлари ва биноларида уларнинг ички тартиб қоидалари ва режимини инобатга олган ҳолда сайловчилар рўйхати билан танишиш имконияти таъминланади.
Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг
Сайт ишлаб чиқилган:
Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш