МСК янгиликлари
МАРКАЗИЙ САЙЛОВ КОМИССИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ МАЖЛИСИ
30.08.2021
281
2021 йил 30 август куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия Раиси З.Низамходжаев олиб борди.

Тадбирда Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш, Оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш масалалари кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мажлис кун тартибидаги биринчи масала – Сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳларини тузиш масаласини кўриб чиқдилар.

Таъкидлаш жоиз, Сайлов кодексининг 39-моддасига биноан, сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан беш кунлик муддатда текширилади. Сайловчилар имзолари зарур сонининг камида ўн беш фоизи ва имзо варақаларига имзоларини қўйган сайловчилар тўғрисидаги тегишли маълумотлар текширилиши лозим.

Марказий сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳини тузиши мумкин. Эксперт гуруҳи таркибига ички ишлар органларининг, адлия органларининг мутахассислари, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакиллари жалб этилади. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этади.

Шунингдек, мажлисда Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, Сайлов кодексининг 33-моддасига мувофиқ, сиёсий партиялардан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, шунингдек бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотлардан кузатувчилар ўз фаолиятини тегишли комиссиялар томонидан берилган мандатлар асосида амалга оширади. Манфаатдор ташкилотлар ўз кузатувчилари тўғрисида сайлов комиссияларига сайловдан камида ўн кун олдин ариза билан маълум қилади.

Манфаатдор ташкилотдан ариза олинганидан кейин беш кун ичида сайлов комиссияси кузатувчи учун мандат беради. Бошқа давлатлардан, халқаро ташкилотлардан кузатувчиларга мандатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро ташкилотлардан қатнашадиган кузатувчиларни аккредитация қилиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ ДИИҲБ ЕХҲТдан 3 нафар халқаро кузатувчи  рўйхатдан ўтказилди.

Шунингдек, мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги МСК қарорига мувофиқ 36 нафар маҳаллий ОАВ вакили рўйхатдан ўтказилди. Қайд этиш жоиз, шу кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари сони 766 нафар, хорижий ОАВ вакиллари  сони 48 нафарни ташкил этмоқда.

Мажлис давомида Т.Холдаровни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари рўйхатидан чиқариш тўғрисидаги қарор лойиҳаси кўриб чиқилди. МСК қарорига биноан Топиболди Холдаров вафоти сабабли Олий Мажлис Сенати аъзолари рўйхатидан чиқарилди.

Мажлис сўнгида кун тартибига киритилган масалалар юзасидан Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

 

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг
Сайт ишлаб чиқилган:
Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш