МСК янгиликлари
“Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари”
06.09.2021
213
Жорий йилнинг 6 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.

Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда ёшларнинг электорал маданиятини оширишнинг долзарб масалаларини ҳамда электорал маданиятни ривожлантиришнинг замонавий воситалари ва шаклларидан фойдаланиш истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек ёшларда электорал маданиятни ривожлантириш бўйича хорижий давлатлар тажрибасининг ижобий жиҳатларини ўрганишдан иборатдир.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари, Ёш қонуншунослар клуби аъзолари, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Туркия Халқаро ҳамкорликни мувофиқлаштириш агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси Тадқиқот департаменти, Қозоғистон Республикаси Президенти девони моддий-техника таъминоти бўлимининг “Парламентаризм институти”, Ўзбекистондаги Туркия Республикасининг элчихонаси, Ўзбекистондаги Германия Федератив Республикасининг элчихонаси вакиллари ҳамда хорижий экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок эди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси З.Низамходжаев, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори
А. Саъдуллаев, Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Р.Хайне кириш сўзлари билан тадбирни очиб бердилар.

Қонунчилик муаммолари институти директори Ф. Отахонов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови муҳим сиёсий жараён эканлиги, мазкур жараёнга пухта тайёргарлик кўриш ва уни демократик тарзда очиқ ва ошкора ўтказиш, Президент сайлови илк маротаба Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилиши, унга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар орасида кенг тарғиб этиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари А.Саидов томонидан Ўзбекистон миллий сайлов қонунчилигини замон талаблари асосида ривожланишининг босқичлари ва унинг ўзига хос жиҳатлари, сайлов жараёнларида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида халқаро сайлов стандатлари татбиқ этилганлиги ҳақида маълумот берди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси З.Низамходжаев аҳолининг электорал маданиятини оширишда тарғиботнинг замонавий усуллари ва шаклларидан унумли фойдаланиш, айниқса, ушбу жараёнда ёшларнинг фаоллигини таъминлаш борасида амалий чора-тадбирларни кўриш зарур эканлиги юзасидан муносабат билдириб, конференция иштирокчиларига электорал маданиятни ошириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори
А. Саъдуллаев жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ёшларнинг иштирокини таъминлаш бўйича Ёшлар ишлари агентлиги томонидан кенг кўламли тарғибот ишлари ва турли акцияларни ўтказиш режалаштирилганлиги ҳақида таъкидлаб, Қонунчилик муаммолари институти билан ҳамкорликда ёшларнинг электорал маданиятини ошириш бўйича ҳамкорликда ўтказилаётган лойиҳалар тақдимоти юзасидан маълумотлар берди.

Конференция давомида миллий ва хорижий маърузачилар томонидан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг юксак электорал маданиятини шакллантириш бўйича зарур маълумотлар берилди. Хусусан, Туркия Республикаси Конституцияси ва қонун хужжатлари мувофиқ ёшларнинг сайловларда иштирокини таъминлашнинг муносиб ҳуқуқий асослари яратилганлиги ҳақида; Ўзбекистонда ёшларни сайловларга жалб этишнинг халқаро стандартларга мувофиқ амалга ошириш; ёшларнинг ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштироки бўйича Германия тажрибаси ҳақида фикрлар билдирилди.

Ташкилотчилар томонидан тадбир давомида билирилган таклиф ва тасиялар ҳамда конференция таҳририй гуруҳига келиб тушган мақолаларни ўз ичига олган “Ёшлар ва сайлов: электорал маданиятни оширишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция материаллар тўплами ва “Қонунчилик муаммолари ахборотномаси”нинг махсус сонини чоп этиш режалаштирилганлиги таъкидланди.

Диққат! Агар сиз матнда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб, маъмуриятни хабардор қилиш учун Ctrl+Enter тугмаларини босинг
Сайт ишлаб чиқилган:
Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш